Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

“Пискент деҳқон бозори”нинг огоҳлантирмай бузилаётгани тўғрисида йўлланган видеомурожаат юзасидан муносабат

30.10.2020
Ижтимоий тармоқ орқали “Пискент деҳқон бозори” МЧЖга қарашли кундалик деҳқон бозори тадбиркорларни огоҳлантирмай бузилаётгани, тадбиркорлар кўча-кўйда савдо қилаётгани акс этган видеомурожаат йўлланган.

Хўш, бозорда аслида ҳам шундай аянчли ҳолат мавжудми?

Йўқ, албатта!

Халқимизда “Янгисини қурмагунча, эскисини бузма” деган нақл бор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПҚ-2853 сонли қарори ижроси юзасидан “Пискент дехқон бозори” МЧЖни намунавий лойиҳа асосида 2-тип савдо мажмуасига айлантириш вазифаси белгиланган.

2019 йил октябрь ойида “Мўминобод" маҳалласида янги савдо мажмуаси қурилиб, тадбиркорлар ихтиёрига топширилган.

Бозорларнинг аҳоли кундалик ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда янги иншоот пискентликлар қарийб 50 йилдан буён савдо-сотиқ билан шуғулланиб келган эски “Деҳқон бозори” ўрнида қад ростлаган. Савдо мажмуаси шарқона ва миллий меъморчилик анъаналари уйғунлигида мукаммал реконструкция қилиниб, 51 фоиз давлат улуши сақланган. 250 нафар тадбиркор доимий фаолият юритиши имконияти мавжуд.

Шунингдек, пандемия шароитида санитария-гигиена талаблари, ёнғин хавфсизлиги ва ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги қоида ва меъёрларига тўлиқ мос келади. (Туман марказидаги А.Темур ҳамда Бобур кўчалари кесишмасида жойлашган кундалик деҳқон бозори туман бош режаси ҳамда юқоридаги хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги мутасадди ташкилотлар томонидан аниқланган!)

Видеомурожаатда тадбиркорларнинг огоҳлантирилиши бўйича асл ҳолат ҳам аксинча ёритилган. Яъни кундалик бозор фаолиятининг янги комплексга кўчирилиши бўйича туман ҳокими тадбиркорлар билан бир неча бор шахсан юзма-юз мулоқотда бўлиб, суҳбатлашган. Мутасаддилар иштирокида тушунтириш ишлари олиб борилган. Пандемия шароитида барча қулайликларга эга мажмуада фаолият юритишнинг афзалликлари тушунтирилган.

Бундан ташқари, янги савдо комплексида тадбиркорлар учун маълум чегирмалар, яъни ҳаридорлар ўргангунига қадар, кундалик бадал пуллари ундирилмаслиги айтилган. Ушбу учрашувлар ижтимоий тармоқларда ҳам кенг ёритилган.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, тадбиркорлик – бу тартибсизлик дегани эмас! Сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар эса ҳар доим ва ҳар ерда ўз харидорини топади.



  • 193