Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Олмалиқда тадбиркорлар билан учрашув

24.09.2020

Тошкент вилоятида транспорт ҳаракати босқичма-босқич йўлга қўйилиши туфайли аста-секин йўловчиларнинг муаммоларига барҳам берилмоқда. Энг муҳими, тадбиркорларнинг фаолиятини бошлашлари учун имкониятлар яратиляпти.

Тошкент вилояти ҳокими Р. Холматов ташаббуси билан микроавтобуслар, хусусан, “Дамас” русумли автомобиллар қатновига рухсат берилгач, пандемия сабаб тўхтаб қолган минглаб иш ўринлари қайта тикланди, фуқаролар турмуш тарзи яхшиланиб авалги ҳолатига қайтмоқда.

Бу борада вилоят транспорт бошқармаси томонидан қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Олмалиқ шаҳрида йўловчилар ташиш йўналишида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар, корхона раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда шу ҳақда сўз борди. Бошқарма бошлиғи Садриддин Шоқосимов йиғилганларга имкониятлардан тўғри фойдаланган ҳолда, мавжуд вазиятга холис баҳо бериб, карантин тугамаганлиги, фақат юмшатилганлигини ҳисобга олиб, ишлаш лозимлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, ўзбошимчалик билан йўлкира ҳақини оширмаслик, белгиланган қонун меъёрларига амал қилиш, автотранспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш, ҳайдовчиларнинг тиббий ҳолатини назорат қилиш, транспорт воситасини дезинфекция қилиш борасида хатоликларга йўл қўймаслик бўйича зарур тавсиялар берилди.

Олмалиқ вилоятнинг энг йирик саноат шаҳри ҳисобланади. Бугунги кунда шаҳарда 30 дан зиёд корхона фаолият олиб бормокда. Шу боис, улардан қатнашаётган вакилларнинг ҳам таклифлари эшитилди.

Тадбиркорлар талаблари асосида пандемия шароитида тўхтаб қолган ҳаракатлар ҳисобига тендер шартномаларини, лицензия муддатларини йил охиригача узайтириш таклифлари ўрганиб чиқиладиган бўлди. Шунингдек, суғурта полиси, ижара шартномалари борасидаги фикр-мулоҳазалар ҳам тингланди. С.Шоқосимов транспорт воситасидаги трафаретлар шаклларини тез фурсатда бир хил кўринишга келтириш борасида кўрсатмалар берди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирдан сўнг йўналишлар ҳаракатида сифат жиҳатидан ижобий ўзгаришлар бўлишига умид билдирилди.


Манба: Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

  • 152