Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Оҳангарон чорвачилик ҳудудига айланади

24.09.2020

Оҳангарон туманидаги “Абдураҳим ота” масъулияти чекланган жамиятида чорвадорлар учун ўқув-амалий семинар ташкил этилди.

Туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев, ҳоким ўринбосари Тўлқин Тўраев, туман прокурори Иқболжон Қамбаров, соҳа мутахассислари ҳамда ташкил этилаётган чорвачилик комплекси лойиҳалари эгалари иштирок этган тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 октябрдаги “Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи, иш жараёнидаги камчиликлар ҳақида сўз борди. Ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашаётган, ажратилган кредит маблағлари ҳамда ер майдонларидан унумли фойдаланмаётган лойиҳачиларнинг фаолияти танқидий таҳлил этилди.

Семинар давомида “Абдураҳим ота” МЧЖ томонидан бажарилган ижобий ишлар намуна тарзида намойиш этилиб, лойиҳачилар комплексда амалга оширилаётган қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

“Абдураҳим ота” МЧЖ томонидан асосан сутчиликка ихтисослашган чорвачилик комплекси барпо этилаётган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 63 миллиард сўмдан иборат. Йилига 6000 тонна сут ва 10 тонна гўшт етиштиришга мўлжалланган мажмуа фойдаланишга топширилгач, 30 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Лойиҳа учун жами 546 гектар ер майдони ажратилган.

Шунингдек, тадбирда чорвани қишловдан беталафот олиб чиқиш, озуқа базасини яратиш ва сифатли озуқа экинларини экиш юзасидан деҳқончилик соҳаси вакиллари йиғилганларга маълумот беришди. Бундан ташқари, экинларни томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйиш орқали юқори унумдорликка эришиш бўйича мутахассисларнинг чиқишлари тингланди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ҳукуматимизнинг юқорида қайд этилган қарори асосида Оҳангарон туманида 59 500 бошга мўлжалланган 30 та чорвачилик комплекси қурилиши белгиланган бўлиб, шундан 4 500 бошга мўлжалланган 17 та қорамолчилик лойиҳаси, 15 000 бошга мўлжалланган 13 та қўйчилик лойиҳаси амалга оширилади.

Айни пайтда лойиҳалар доирасида 39 миллиард сўмлик кредитлар ажратилган бўлиб, ҳозирги кунгача 4 968 бош чорва ҳайвонлари келтирилди, шундан 1 049 бош наслли қорамол (Нидерландия, Украина) ва 3 919 бош қўй (Қирғизистон) олиб келинди.



Манба: #Оҳангарон

  • 150